Урганч қурилиш касб-ҳунар коллежида «Таълим тўғрисидаги қонун», «Кадр тайёрлаш миллий дастур» ҳаётга изчиллик билан тадбиқ этилмоқда. Келажак эгалари бўлган ёш авлодга билим ва касб ҳунар малакаларини чуқур, пухта ўрганиш бўйича муайян тажрибалар тўпланган. Бу ҳақда коллеж раҳбари, меъморчилик фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати И.С.Байджановнинг «Мустақиллик меъморлари», «Янгила-ниш йўлидан» китобларида ёритилган эди.
Ушбу китобда коллежда кейинги йилларда амалга оширилган ишлар, изланишлар самараси ўз ифодасини топади. Бу жиҳатдан ушбу китоб ҳам олдин эълон қилинган китобларининг узвий давомидир. Китоб барча турдаги коллежлар, лицейлар жамоалари педагоглари, талабалари учун муҳим қўлланма вазифасини ўташига умид ва ишонч уйғотади.
Изланиш – юксалиш, тажриба – таянч
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўн йили давомида эришилган муваффақиятларнинг замирида аввало изланиш, ҳаётда синовдан ўтказилган тажрибаларга таяниш, ишонч билан буюк келажакка интилиш каби юксак инсоний фазилатлар мужассамлашган.
Муҳтарам Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов «Биздан озод ва обод Ватан қолсин!» дея эътироф этишлари бежиз эмас. Мустақиллик йилларида Хоразм вилоятининг барча шаҳар ва туманларида, унинг маркази Урганч шаҳрида кенг миқёсда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Барча жабҳаларда яратувчанлик, юртимизни обод, кўркам қилиш соҳасидаги ишлар қизитилди.
Воҳамизда амалга оширилаётган қурилиш, бунёдкорлик ишларида коллежимиз жамоасининг муносиб ҳиссалари бор. Коллежимизни битказиб чиқаётган малакали мутахассислар вилоятимиз бўйлаб давом этаётган бунёдкорлик жабҳаларида қатнашмоқдалар.
Урганч қурилиш касб – ҳунар коллежи республика ўрта махсус касб – ҳунар таълими Марказининг 30 август 1999 йил 164 – сонли буйруғига асосан таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларини тажрибадан ўтказишга мўлжалланган тажриба-синов майдонига киритилган.