Мен катта ҳаётга қадам қўяётган кўплаб ҳозирги ёшларни барча авлодларнинг “Нима қилиш керак?” деган оддий ва абадий саволи қийнаб келаётганини биламан.
Ўзингни топиш учун нима қилиш керак, ўзингда қандай сифатларни ривожлантиришинг лозим, нимага алоҳида эътибор қаратиш зарур, нимани мутолаа қилиш керак, умуман олганда, бу ҳаётда муваффақиятли ва бахтли инсон бўлиш учун нима қилиш керак?
Ҳойнаҳой, атрофдагиларнинг меҳнатсевар бўл, ҳалол бўл, камтар бўл, фалон-пистон бўл ва ўшанда ҳаётингда муваффақият бўлади қабилидаги бу барча жўн маслаҳатлари жонингга теккан бўлса керак. Аммо, афсуски, атрофимиздаги ҳақиқат бутунлай бошқа нарсадан далолат беряпти. Биз кўпинча атрофимизда ҳар куни тонгдан шомгача тер тўкиб ишлаётган, ҳалол ва камтар одамларни кўрамиз, аммо уларни тушунчамиздаги каби омадли деб аташга тилимиз бормайди. Хўш, гап нимада? Улар нимани нотўғри қилишяпти, муваффақият сирлари ўзи нимада?
Сен учун яхши янгилик бор! Мен жавобни, тўғрироғи, жавобларнинг бутун-бир мажмуини биламан. Мен бу саволга бўлғуси ҳаётий муваффақиятинг йўлида сен дастури амал қилишинг лозим бўлган асосий қоидаларни навбатма-навбат таърифлаш йўли билан жавоб беришга ҳаракат қиламан.
Китобдан мақсад
Гарчи мазкур китобда баён қилинган тавсияларнинг самараси одатда жуда тез бўлса ҳам, бу китоб барча муаммоларнинг давоси деган даъводан йироқ. Бу китобда баён қилинган нарсалар сенинг барча муаммоларингни яшин тезлигида бартараф қиладиган патентли восита эмас. Унинг мақсади -нарсаларга нисбатан янгича нигоҳ, янгича ёндашувга эга бўлишинг учун сенга кўмаклашиш, бунинг шарофати билан сенда янги эътиқодлар юзага келиши, эҳтимолдаги ҳаётий муаммоларни ҳал этишда сенга мадад ва таянч бўлади. Бу янги билим қуроли, унинг воситасида сен ўзинг муносиб бўлган ҳаётга эришасан, ўзлигингни сақлаб қолиш ва ўз “мен”ингни йўқотмаслик имконига эга бўласан.
Нима учун менга олдин бу ҳақда ҳеч ким айтмаган?
Мазкур китобда баён этилган фикрлар, ўйлайманки, том маънода барчага ва ҳар кимга фойдали бўлади. Мен одамлардан эшитадиган ягона шикоят эса “Нима учун менга олдин бу ҳақда ҳеч ким айтмаган?” деган савол бўляпти.
Келажакда соатларни асраб қолиш учун ҳозир дақиқаларни сарфла
Вақтни кейинроқ иқтисод қилиш учун ҳозир бир оз фурсатни сарфлаш мумкин. Агар сен ҳозиргидан кўра самаралироқ бўлсанг, беҳисоб соатларни сақлаб қола биласан. Яъни ўз рақибларингдан бир қадам олдинда бўласан.